"ISLOM KARIMOV XOTIRASIGA BAG'ISHLANGAN ENG YAXSHI ILMIY-OMMABOP MAQOLA" KO'RIK-TANLOVIGA

27.07.2017

                          И.А.Каримов таваллудининг

                          80 йиллигига

 

МАМЛАКАТИМИЗДА ИСЛОМ КАРИМОВ ШАХСИНИНГ КИМЁ ФАНИ ВА САНОАТИНИ РИВОЖЛАНТИРИШДАГИ РОЛИ

 

Ватанимизнинг мустақилликка эришуви халқ таълими тизимининг барча табақалари тараққиётига ижобий таъсир кўрсатгани маълум. Биринчи Президентимиз И.А.Каримовнинг миллий педагогик тафаккур таъсирини ишга солиб, уни соғломлаштириш ва ривожлантирган холда амалга оширган кишилардан бири бўдли десак янглишмаймиз. Ўзбекистон Республикасининг 1992 йил 2 июлдаги “Таълим тизими” ва айниқса, 1997 йилнинг 29 августида қабул қилинган “Таълим тўғрисидаги” янги қонуни ва Кадрлар тайёрлаш миллий дастурининг яратилиши бу борада муҳим омил бўлди. Ечилмай ётган қатор муаммолар барҳам топди, кадрлар тайёрлашнинг миллий модели,йўналишлари ва бунга доир чора-тадбирлар ишлаб чиқилди. Мамлакатимизда таълимнинг барча жабҳаларида, шу жумладан олий таълимда ҳам соғлом миллий ғояларга, умуминсоний фикрларга асосланган тизим тараққий эта бошлаганига гувоҳмиз. Мамлакат иқтисодиётини юқори қўтарувчи кадрлар тайёрлашга мўлжалланган қатор университет ва институтлар ташкил этилганлиги маълум. 1992 йилда иқтисодиёт мутахассислиги бўйича талабалар мамлакатимиз талабаларининг 2.5 %ини ташкил этган бўлса, уч йилдан кейин, яъни 1995 йилда 17%га етди. Таълим-тарбия жараёнлари қайта қурилди, бинолар таъмирланди, маъруза, лаборатория, амалиёт дарслари янги мебель, компьютер, ахборотнинг янги тизимлари билан бойитилган хоналарида олиб бориладиган бўлди. Президентимиз И.А. Каримов ташаббуслари билан ташкил этилган олий ўқув юртларидан бири ҳозир ишлаб турган Тошкент кимё-технология институти бўлди. У Президентнинг 1991 йил 6 майдаги ПФ-230 сонли фармони билан ташкил қилинган эди. Ўша пайтларда корхоналарга зарур бўлиб турган кимёгар-технологлар ва магистрлар тайёрлаш мазкур олий ўқув юрти зиммасига юкланди.

Мен ушбу мақолада институтимиз мисолида Президентимиз И.А.Каримовнинг мамлакатимизда кимё фани ва саноати ривожи қанчалик кераклиги ва зарурлигини олдиндан билиб кўраолганликларига тан бераман. Мана энди у кишининг баркамол авлод орасидан етишиб чиқаётган етук кадрлар, улар олиб бораётган илмий ишлар, ишлаб чиқараётган юзлаб хил маҳсулотлар дунё юзини кўраётгани ҳаммани қувонтиради, раҳбаримизнинг ақлу-салоҳиётига эса тан берамиз. У кишининг: “Ўзбекистоннинг буюк келажаги ҳар жиҳатдан ёшлар қўлидадир”, деган гаплари нақадар донолик билан айтилганига ишонч ҳосил қиламиз.

Етишиб чиқаётган кадрларимиз Шўртан газ-кимё мажмуаси, Ўзбекнефтгаз, Муборак, Фарғона, Бухоро нефтни қайта ишлаш заводларида. “Жарқўрғоннефть”, Деҳқонобод калийли ўғитлар, Қўнғирот сода заводлари, “Ўзгазузатиш”, Уст-Юрт мажмуаси каби ва бошқа корхоналарда меҳнат қилишмоқда. Ёшларимизнинг бир қисми илмий-тадқиқот институтлари, университет ёки институтларда илмий-тадқиқот изланишлари олиб бориб, фан номзодлари ва докторлари бўлиб етишмоқда. Булар орасидан етакчи раҳбарлар, ҳокимлар, тадбиркор ва лойиҳачилар ҳам чиқаётганларига гувоҳмиз. 

Ҳозирги кунда институтнинг 24та кафедраси, 20та бўлимлари, Ахборот технологиялар ва Ахборот ресурслари марказлари ишлаб турибди. Институтнинг “Силикатлар ва қотишмалар технологияси” кафедраси Республика олий ўқув юртларидаги 1500дан ортиқ кафедралар ичида биринчи ўриндаги кўрсаткичлари билан ажралиб турибди.

Кейинги йилларда институт жамоасининг ривожланган давлатлар олий ўқув юртлари билан алоқалари янада кенгайиб бормоқда. Устозларимиз, кафедралар ҳодимлари, ёш изланувчиларимиз Буюк Британия, Германия, Япония каби ва бошқа мамлакатларда малака ошириб, илмий изланишларда ҳамкорлик қилмоқдалар. Келажак режаларимизда валютасиз алмашинув шартларини қўллаб Чехия, Словакия ва Болгариянинг нуфузли саноат корхоналарида ва бизнинг ватанимиздаги кимё мажмуаларида талабаларнинг бир ойлик амалиётларини ўтказиш, йирик олим ва мутахассисларнинг маҳоратини оширувчи маърузаларини ташкил қилиш ниятларимиз бор.

Институт жамоаси ўзининг “Кимё ва кимёвий технология” илмий журнали, “Кимёгар” кўп ададли газетаси, босмахона ва кичик тадбиркорлик фирмасига эга.

Институт музейида унинг мустақиллик йилида Президентимиз томонидан ташкил қилинишига доир маълумотлар, расмлар, чет эллик меҳмонлар фикрлари, фидойилар, фаҳрийлар ва ёшлар иттифоқи аъзолари фаолиятига оид материаллар намойиш қилинади.

Ўтган асрнинг 70 йилларида талабаларимиздан бир қисмини Европадаги кимё корхоналарига амалиётларини ўтиш учун олиб борган пайтларимизда ҳавасимиз келган пайтлари ҳам бўларди. Мана, эндиликда бизнинг юртимиздаги кимё корхоналарига келиб кетаётган мутахассисларнинг, нафақат Европа ёки осиёликларнинг, балки америкалик, япониялик ёки англиялик кимёгарларнинг ҳаваси келадиган мажмуаларимиз ишлаб турганлигидан кўнглимиз тўлади, улар билан фахрланамиз, қувонамиз. Булар ҳамкорлик, уюшқоқлик, юқори технологиялар ва нанокимё ютуқларидан фойдаланиш самарасидир.

Талаба ўқиши билан бирга илмий иш олиб боришига қулай шароитларда яшаётганлиги, гўзал ва шинам ётоқхона, 18та ходимани ўз ичига олган ахборотлар ресурс маркази, 155000дан ортиқ китоб фонди, илмий журналлар, газеталар, китоб ва дафтарлар сотиш киосклари улар хизматидадир.

2007 йили Президентимиз И.А. Каримов Қўнғирот сода заводида ва унинг территориясида жойлашган институтимизнинг сиртқи бўлимида ишчи-талабалар меҳмони бўлдилар. Ўқув аудиториялари, маъруза хоналари, лаборатория ва кабинетларда бўлиб ўз фикр-мулоҳазаларини билдирдилар, ёш ишчи-талабалар билан очиқ мулоқатда савол-жавоблар қилдилар, ўгит ва маслахларини бердилар. Талабаларнинг очиқ ва хурсанд чеҳраларидан кўнгиллари тўлган ҳолда улар билан ҳайралашишдан олдин факультетга янги мебель, асбоб-ускуна, реактив ва китоблар совға қилдилар. Талабаларимиз Президентимиз ташрифидан жуда мамнун бўлганликларига гувоҳмиз.

Талабаларнинг бу ерда магистратура очиб берилиши тўғрисидаги илтимослари ҳам ўша йили амалга ошди. Кейинроқ, баъзи ихтисосликлар бўйича кундузги бўлимлар ҳам очиб берилди.

Президентимиз нафақат талабаларни, балки ёши катта устоз, ўқитувчи ва мурабийларни ҳам ҳурмат қилишини билардим. Мустақиллик йилининг сўнги кунларида институтимиз “Ёғлар технологияси” кафедрасида кўп йиллар мудирлик қилган Иккинчи жаҳон уруши қатнашчиси техника фанлари доктори, профессор Абдураҳмон Абдураҳимовга Ўзбекистонда хизмат кўрсатган ихтирочи ва кейинроқ профессор Тўҳтамурод Абдурашидовга Ўзбекистонда хизмат кўрсатган мураббий унвонини бериб, уларни шахсан муборакбод этдилар.

Қатор устозлар, талаба ва илмий ходимларни орден, медал, кўкрак нишонлари билан мукофотладилар. Аъло баҳоларга ўқиган талаба ва магистрантларимиз Президентимиз стипендиясига эга бўлишмоқда. Қатор устозларимиз Президент Академиясини битириб чиқишди.

Хозирги вақтда институтимизга кун сайин ривожланаётган “Кимё майдони” бўлмиш Қашқадарё вилоятидан ёшлар оқими борган сари кўпайиб бораётгани бежиз эмас, албатта. Вилоятда фақат нефт-газ ва нефт-кимё саноатининг ўзида қиймати салкам 10 миллиард долларга тенг 17 та лойиҳа амалга оширилаётгани, 2020 йилгача яна 11 миллиард долларлик 31 та лойиҳа устида иш бошлангани маълум. Қорақалпоғистон Республикасида келгуси 5 йил ичида фақат саноат соҳасида 500 га яқин йирик лойиҳани амалга ошириш кўзда тутилмоқда. Бошқа вилоятларда ҳам шунга ўхшаш режалар тузилаётганидан хабаримиз бор, албатта.

Собиқ раҳбаримиз ишларини изчил давом этдираётган Президентимиз Ш.М.Мирзиёевнинг ҳалқимиз орасида бўлиб қилаётган маърузалари, олдимизга қўяётган амалий ва долзарб вазифалар Ватан равнақи, унинг ривожи, жаннатмакон ўлкани асраб-авайлашимиз ва янада гўзаллаштиришимизни тақозо этади.

Биринчи Президентимиз И.А.Каримов хотирасини, унинг келажагимизни чуқур ўйлаб қолдирган фикрлари ва айниқса, ёшларимизга қарата айтган қуйидаги доно сўзларини эслаб ўтишни истар эдим: “Мен, авваламбор, ёшларимизга айтмоқчиман: ўқинг, тарихни ўрганинг, тарихини, ўтмишини билган одам келажакда янглишмайди”. Буни дунё ҳамжамияти тан олган мамлакатимиз собиқ раҳбарининг келажак тақдиримиз, Ватан равнақи ва ҳалқимизнинг янгидан-янги марраларни эгаллашга чақируви деб тушинсак бўлади деб ўйлайман.

Бугун собиқ Президентимиз хотирасини эслашимнинг ўзига хос сабаблари борлиги, унинг шахсиятига доир айрим хусусиятларни чертиб ўтишни жоиз деб билшимдандир. Биз Ислом Абдуғаниевич Каримов билан бир вақтда, бир йилда (1955) Ўрта Осиё политехника институтига ўқишга кирганмиз. Уқиши механика факультетида, мен эса кимё-технология факультетида ўқидик. Тақдир шеригимни Тошкент трактор заводига, мени эса ўқитувчиликка лозим топди. Етмишинчи йилларда Ислом ака Республика Давлат план комитетига ишга ўтди, мен эса Тошкент политехника институтида ассистентлик қилдим. Шу пайтларда Ислом ака билан ёшликдан яқин дўсти бўлмиш Анвар Исмоилов билан биргаликда давлат план комитетига кириб юрардик. Шу идорада ишлаётган кимёгар мутахассис Усмон Далабоев вазифаси бўйича Навоий кимё комбинати билан боғлиқ бўлгани боис менинг ацетилен бўйича илмий ишларимнинг амалга ошувига ёрдам бериб турарди. Бир куни дўстим А.Ҳ. Исмоилов билан И.А. Каримовни кўргани кирсак, у киши ишда йўқ эканлар. Шунда у кишининг Қашқадарё вилоятига ишга ўтканликларини эшитгандик. Афсуски, орадан кўп ўтмай А.Ҳ. Исмоилов 51 ёшида дунёдан ўтди. Ислом ака мамлакатимизга Президент бўлиб келганида дўстини суриштиради, тополмайди. Олий мажлис депутатлари билан учрашув куни ТошПИ ректори профессор А.Т. Жалиловдан дўстини сўрайди. Абдулахат Туропович бир тасодиф туфайли дўстининг вафотини хабар қилади. Воқеадан хабарсиз бўлган Ислом ака жуда ҳафа бўлади, суҳбатдошига узр айтиб, ўйчан холатда ичкари хонага кириб кетади. Ислом ака енгил автомашиналар таҳчил пайтида ўзи олмай дўстига ўтказиб берган “Жигули-06” автомашинаси фарзандларига эсдалик бўлиб қолади. Ана дўстлигу, мана дўстлик! Ислом аканинг пок қалбига қанча таҳсинлар айтсанг ҳам камлик қилади деб ўйлайман.

Ислом Абдуғаниевич Каримовнинг Президентлик йилларини эсга олганимизда оғриқли даврларини ёдга олмоқ даркордур. Мен ўша даврларда декан бўлиб ишлаган профессоримиз Т. Абдурашидов билан талабалар шаҳарчасидаги ғалаён тунини қандай ўтқазганимизни дилда аянч-изтироб билан эслайман. Бундай оғир дамларнинг қанчасини раҳбаримиз ўз бошидан ўтказганларида қандай матонат, сабр-тоқат, ақл-фаросат керак бўлганини, энг асосийси тинчлик йўли билан ҳар қандай қийин муаммони ҳал қилганларини ўйлаб қоламан. Буюк давлатни барпо этишнинг ўзи бўлмаслигини ҳис этаман. Юртбошимиз Амир Темур бобомиз ўгит ва насихатларини юртимизга, қон-қонимизга, суяк-суякларимизга мустаҳкам жойлашимиз лозимлигини ва болаларимизни ҳам шу рухда тарбиялашимиз даркорлигини айтганларида беҳад ҳақ эканларини, шуларни дилга жо қилиб ашаш лозимлигига ишонч ҳосил қиламан.

Биринчи Президентимиз И.А. Каримов ўз ҳалқини дилдан севди, унинг аянчу-шодликлари ила яшади, келажагини ўйлаб, режалар тузди, тунларини меҳнат қилиб юрган холдаги ишчилар ёки дехқонлар билан тонгга ўлаб, юрган вақтларини ҳам эшитганмиз. Шунинг учун ҳам у ватандошларимизни  нафақат ўзи туғилиб ўсган-улғайган гўша билан бирга бутун Ўзбекистон тақдири ҳамда келажагини ўйлаб яшашга ундаши, уларнинг қалбига она Ватанга фарзандлик меҳри ва садоқатини кучайтиришни талаб қилиши ҳам бежиз эмаслигини ҳис қиламиз.

Халқимизнинг асл фарзанди И.А. Каримов фаолиятининг ҳали биз англаб етмаган қирраларини очиш, айни пайтда жамиятнинг тараққиёт фалсафасини кашф етишимиз ва уни амалга оширишда изчил ҳаракатда бўлишимизни ҳаётнинг ўзи талаб қилиб турганини сезган холда яшашимиз зарур бўлади.

 

 

Фойдаланилган адабиётлар

 

  1. Islom Karimov “O’zbekiston mustaqilikka erishish ostonasida”. Toshkent, “O’zbekiston”, 2011.
  2. Islom Karimov. “Ona yurtimiz baxt-u iqboli va buyuk kelajagi yo’lida xizmat qilish-eng oily saodatdir”. Toshkent, “O’zbekiston” NMJU, 2015.
  3. И. Каримов. Асосий вазифамиз-жамиятимизни ислоҳ этиш ва демократлаштириш, мамлакатимизни модернизация қилиш жараёнларини янги босқичга кўтаришдан иборат (илмий-оммабоп рисола). Тошкент, “Маънавият”, 2016.
  4. Шавкат Мирзиёев. “Буюк келажагимизни мард ва олижаноб халқимиз билан бирга қурамиз”. Тошкент. “Ўзбекистон”, 2017.
  5. Қудрат Аҳмеров. Кимёгар-технологлар маскани. Тошкент. “Ўзбекистон”, 2016

 

 

 

Қудрат Аҳмеров, Турон академияси академиги,

кимё фанлари доктори

Тошкент кимё-технология институти профессори,

Республика олий таълим аълочиси