YOSHLARNING INNOVATSION G‘OYALARI XAMDA RATSIONALIZATORLIK ISHLANMALARINI QO‘LLAB-QUVVATLASH VA HAYOTGA TADBIQ ETISHNING DOLZARB MASALALARI

29.07.2017

         Йигирма биринчи аср – илмий-техник революция, информацион, био- ва нанотехнологиялар, “билим индустрияси”нинг тезкор ўсиш ва ривожланиш асри бўлиб, бунда билимлар ҳажми ҳар беш йилда икки баробар ошмоқда. Бу иқтисодиётнинг асри бўлиб, унинг асосий ресурслари фан кадрларининг потенциали, таълим ҳамда ишлаб чиқаришнинг юқори технологияли соҳалари ҳисобланади.

Илм-фан, техника ва технология соҳаси мамлакатнинг локомотиви ҳисобланади. Жаҳоннинг илғор давлатлари, дейлик Япония, Хитой, Жанубий Корея  фақат фанга инвестиция киритиш, янги рационализаторлик таклифларини ишга тушириш орқали  бадавлат, улкан давлатга айланиб улгуришди. Дастлабки қадамлариданоқ демократия ва модернизация жараёнларини  бошидан кечираётган АҚШ, Германия, Япония каби саноати тараққий этган давлатларда ички ялпи маҳсулот ўсишининг 80-95 фоизи техника ва технологияларда ўз ифодасини топган янги билимлар ва инновациялар улушига тўғри келади. Уларда илм-фанга кучли эътибор, инновацион муҳит мавжудлиги ва фан-ишлаб чиқариш инфратузилмасининг яратилганлиги туфайли давлат инновацион иқтисодиёт йўлидан бормоқда.

Сўнгги ўн йилликда ривожланган мамлакатларда патент соҳасига бозор муносабати ва бизнес кириб келди. Биринчидан, ихтирога патент интеллектуал мулкни моддийлаштиради, ишончли муҳофазани тақдим этади ва ҳар қандай катта-кичик корхонанинг иқтисодий ривожига таъсир ўтказади. Иккинчидан, патент маълумот базаси ахборот хазинаси сифатида рақобатчилик разведкаси қудратли қуролидир. Шу сабаб, ривожланган мамлакатлардаги йирик компанияларнинг патент портфеллари активлари яширин қиймати доимо сир сақланади. Мисол учун, “Nokia” (Нокия) ва  “Panasonic” (Панасоник) компаниясидан қайси бирининг патентлари сони кўпроқ бўлса, илмга суянган, келажакка сармоя қўйган компания сифатида унинг акцияларини сотиб олишади. Ўзбекистонда ҳам номоддий активлар (патентлар) 2020 йилларга келиб,  бозорларни тезда эгаллаши, ҳали муқобили бўлмаган ўз бренди – сифатли маҳсулоти билан бозорни ушлаб туриши,  эскича услубда кун кўрадиган “рақиб”ларини айланиб ўтиб, бозорда устун келиши содир бўлади. Ҳозирги кунда республикамизда айрим корхоналар (масалан, “Совпластитал” ҚК) номоддий активлари баҳосини аллақачон пулга чақиб, уларни йиллик молиявий балансида акс эттирмоқда. Биз шундай компанияларнинг кўпайиши тарафдоримиз.

Инновацион ва ихтирочилик фаолиятида  давлат томонидан рағбатлантиришнинг таъсирчан тизимини яратиш вақти етиб келди деб ўйлайман. Чет элларда давлатнинг ўзи инновацион фаолият олиб борувчи корхоналарнинг қудратли ҳомийсига айланган.  Ўзбекистонда ҳам ана шундай механизмнинг яратилиши иқтисодиётни янада кўтаришда мустаҳкам замин вазифасини ўтайди. Бунда интеллектуал маҳсулот муаллиф-яратувчиларни ҳам, ушбу маҳсулот қўлланадиган корхоналарни ҳам, шунингдек техник ечимни ундан амалда фойдаланиш даражасига етказишга ёрдам берадиган шахсларни ҳам рағбатлантириш чораларини кўзда тутиш ғоят муҳим ўрин тутади.

Интеллектуал мулк объектларини муҳофаза қилишнинг патент шаклидан фойдаланадиган хорижий мамлакатларда ихтирочиликни рағбатлантиришни таҳлил этиш натижасида қуйидаги хулосаларга келиш мумкин, яъни:

1.Иш берувчилар томонидан қўлланиб келаётган иш ҳақини ошириш;

2. Хизмат поғоналаридан кўтарилиш;

3. Махсус мукофотлар, тўловлар ва имтиёзлар бериш;

4. Ишга ёлловчи фирма акциялари ва роялти тўловларининг бир қисми кўринишидаги мукофотларни ташкил қилиб бериш;

5. Ихтирочи хизматларини эътироф этишнинг бошқа шаклларини ҳам кўриб чиқиш.

Юқоридагилардан келиб чиққан ҳолда, Интеллектуал мулк агентлигига тегишли ташкилотлар билан биргаликда Патент тизимини стратегик ривожлантиришнинг 2018-2021 йилларга мўлжалланган миллий концепциясини ишлаб чиқиш ва бу концепцияда республикада ихтирочилик фаолиятини жадаллаштиришга қаратилган  комплекс чора-тадбирларни кўзда тутиш лозим деб биламан. Бу эса ўз навбатида Президентимиз Ш. Мирзиёев таъкидлаганидек, кичик бизнесни янги ғоялар билан бойитишга, интеллектуал мулк бозорини шакллантиришга, демакки, Ўзбекистон миллий иқтисодиётида инновация ривожига  беқиёс хизмат қилади. Бу тадбирлар биз каби минглаб иқтидорли, фаол, билимдон ёшларни янги истиқболли соҳа бўлган фан ва инновация  тандемида фаол иштирок этишга яқиндан кўмак беради.

Хулоса шуки, истеъдодли ёшларни фан ва ишлаб чиқариш жараёнига кенг жалб қилиш орқали янги ишланмаларни тезроқ амалиётга жорий этиш, даромад олиш, саноат корхоналари қошида минглаб янги иш ўринларини очишга имкон беради деб ўйлайман.

Барчамизга маълумки, Ўзбекистон Республикаси Президентининг  “Инновацион ғоялар ва технологияларни ишлаб чиқаришга татбиқ этишни рағбатлантириш борасидаги қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида” ги 2008 йил 15 июлдаги 906-сон қарори қабул қилинган.   Тарихий қарордан кейин  Инновацион ғоялар, технологиялар ва лойиҳалар Республика ярмаркаси ҳар йили “Ўзэкспомарказ” павильонида ўтказиладиган бўлди.  Ҳақиқатан ҳам, Ярмарка фан ва ишлаб чиқаришнинг янада мустаҳкам алоқасини таъминлаш,  ишлаб чиқаришни модернизация қилиш, техник ва технологик янгилаш жараёнларига татбиқ этишни рағбатлантириш бўйича амалий механизмлар яратишга беқиёс хизмат қилмоқда.

2017 йил 10-12 май кунлари ўтказилган Х Инновацион ғоялар, технологиялар ва лойиҳалар республика ярмаркасида “Разработка составов и технологии получения модифицированных водорастворимых порошкообразных госсиполовых смол для буровых растворов” номли маъруза билан иштирок этдим, мавзунинг долзарблиги, амалий аҳамиятини инобатга олган ҳолда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси Фан ва технологияларни мувофиқлаштирувчи давлат қўмитаси томонидан фахрий ёрлиқ билан мукофотландим.

Мамлакатимиз иқтисодиётини янада ривожлантириш йўналишида илм-фаннинг роли беқиёсдир. Биринчи навбатда фан соҳаси учун илмий кадрларни узлуксиз тайёрлаш, иқтидорли, билимга чанқоқ йигит-қизларни жалб этиш, уларда ихтирочилик қобилиятини шакллантиришдан иборатдир.

            Буларнинг барчаси таълим соҳасини, шу жумладан олий ўқув юртидан кейинги таълимни тубдан модернизациялашни талаб этиб, шу муҳим вазифани ечиш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Президенти, ҳурматли Шавкат Миромонович Мирзиёев ташаббуси билан илмий ва илмий-педагогик кадрларни икки босқичли тизим бўйича тайёрлаш ва қайта тайёрлаш ислохати таклиф этилиб, 2017 йил 16 февралда “Олий ўқув юртидан кейинги таълим тизимини янада такомиллаштириш тўғрисида” ги ПФ-4958-сонли Фармони эълон қилинди. Ушбу Фармоннинг ижросини таъминлаш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Махкамасининг 2017 йил 22 майда “Олий ўқув юртидан кейинги таълим тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида” ги 304-рақамли қарори қабул қилинди.

Бу ислоҳатни амалга ошириш: замонавий ахборот-таҳлил технологияларини қўллаш, услуб, алгоритмлар, иш берувчилар ва амалиёт талабларига мослаштирилган таҳлилий индикаторлар тизими орқали миллий иқтисодиётнинг самарадорлиги ва ривожланишининг  ўсишига; амалиётда шахс ва унинг касбий потенциалини  намоён эта оладиган тегишли соҳалар бўйича фалсафа докторлари (PhD) ва фан докторларини тайёрлаш даражасининг таълим ва илмий сифатини кўтаришга; икки босқичли таълим тизими учун замонавий лаборатория ускуналари ва илмий адабиётлар йўқлигини тўлдириш; кенг илмий жамоа билан фикр ва технологиялар алмашиш хамда касбий билим ва тажрибани тарғиб қилишнинг ахборот чегараларини кенгайтиришга имкон беради.

           Инновацион  иқтисодиёт учун кадрлар тайёрлашнинг замонавий концепцияси  тайёрлаш  босқичларининг барчасини тўлдирилган, чуқурлаштилган, ишлаб чиқариш шароитига мослашган, иш берувчининг малакавий талабларидан келиб чиққан   ва келгусида шахснинг ижтимоий статусини такомилаштириш имкониятини инобатга олган ҳолда касбий малакани ривожлантиришни қамраб олади.  Олий малакали таълим ривожланишининг ўзига хослиги кадрларни йўналишлар бўйича бакалаврият, магистратура, олий ўқув юртидан кейинги (базавий докторантура, докторантура) ҳамда мутахассислар тайёрлаш ва қайта тайёрлашнинг қўшимча тизими (мустақил изланувчилик) орқали тайёрлашга асосланади. Буларнинг барчаси ўқув ва илмий жараёнларни ташкил этишда ҳар хиллик ва вариациялилик ҳамда талабаларнинг илмий ва таълим фаолиятининг таснифига мослаштирилган холда тарбиявий ишларни муваффақиятли ташкил этишни талаб этади.

Мен 2012 йилдан буён “Фан ва тараққиёт” Давлат унитар корхонасининг “Композицион механокимё технологияси ва бурғилаш реагентлари” лабораториясининг мудири, техника фанлари доктори Комила Сайибжановнани  берган маслаҳатлари бўйича ўқувчи ва талаба сифатида илмий ишларни бажарилишида фаол қатнашиб келмоқдаман. Ҳозирги вақтда Тошкент кимё-технологияси институти 4-босқич бакалавриат талабаси бўлиб “Нефт, нефт ва газни қайта ишлаш технологияси” кафедраси мудири, техника фанлари доктори, профессор Ибодуллаев Ахмаджон Собирович ҳамда “Юқори молекулали бирикмалар ва пластмассалар” кафедрасининг мудири, техника фанлари доктори, доцент Тешабаева Элмира Убайдуллаевналарни илмий раҳбарликлари остида “Разработка составов и технологии получения модифицированных водорастворимых порошкообразных госсиполовых смол в качестве поверхностно-активного вещества и их использовании в производстве композиционных полимерных реагентов и буровых растворов на их основе” деб номланувчи диплом иши бўйича ҳам муаммони назарий томонларини ўрганишга киришдим. Олийгоҳдаги устозларимиздан Қозоғистон табиий Фанлар Академиясининг академиги, Россия табиий Фанлар Академиясини мухбир аъзоси, кимё фанлари доктори, профессор Г.Рахмонбердиев, “Амалий механика” кафедрасининг катта ўқитувчиси, техника фанлари бўйича фалсафа доктори А.Шернаевлар ҳаммуаллифлигида шу кунгача Италия, Озарбайжон, Хитой, Туркия каби чет давлатларнинг нуфузли Халқаро анжуманларида иштирок этиб уларнинг илмий журналларида 4 та мақола чоп этилган. Юқорида номлари айтиб ўтилган устозларим ҳаммуалллифлигида 24 та мақола билан Республика илмий-техникавий анжуманларида иштирок этдим ҳамда 28 та мақола  “Композицион материаллар” журналида чоп этилган ва 6 та Ўзбекистон Республикасининг патенти олинди.

Шунга ҳам тўхтаб ўтиш лозимки, бугунги кунда ижодий фикрловчи мутахассисларни тайёрлашни олий таълим, фан, ишлаб чиқариш ва молия интеграцияси шароитида амалга ошириш мумкин. Бу борада ўқув жараёнидаги асосий омиллардан бири илмий-тадқиқотни ривожлантириш масалаларини эгаллаши керак. Табиийки, биринчи навбатда фундаментал ва амалий изланишларда олий таълим муассасалари олимлари билан бир қаторда айнан талабалар хам иштирок этишлари мақсадга мувофиқдир. Ижодий фикрловчи мутахасисларни етиштириш учун профессор ва талаба ўртасида мустаҳкам алоқа мавжудлигини ташкиллаштириш зарурдир.

Талабаларнинг илмий изланишларини молиялаштириш ва рағбатлантиришда давлат томонидан қўллаб-қувватлашдан ташқари, олий таълим муассасаларининг ички имкониятларидан фойдаланиш муаммонинг мақбул ечими бўлиши мумкин. Бу эса биз каби ёшларни хўжалик шартномалари бўйича илмий изланишларга кенг жалб этиб, шу асосда келажакда кичик ва қўшма корхоналар ва технопарклар тузиб, буларда илмий натижаларни амалда ишлаб чиқаришга жорий этиш хамда интеллекутал мулк агентлиги томонидан ҳимоялаш, яъни  патент олиш ўз меҳнатининг натижасини англашига олиб келади.

Бу борада ўз вақтида ижобий натижаларга эришган олий таълим муассасаларида фаолият кўрсатган етакчи олимлар ва кафедралар рахбарлиги остида фаолият юритган “Талабаларнинг илмий жамоаси” ёшларнинг жамоа ташкилотини қайта тиклаш мақсадга мувофиқ бўлар эди, деб хисоблайман.

Айнан шу долзарб масалани ечилишига Президентимизнинг 2017 йил                      5-июлдаги “Ёшларга оид давлат сиёсати самарадорлигини ошириш ва Ўзбекистон ёшлар иттифоқи фаолиятини қўллаб-қувватлаш тўғрисида” ги               ПФ-5106-сонли Фармони қаратилган. Бу ёшларнинг илмий жамоа ташкилотини тузишни ёшлар иттифоқининг олий таълим муассасалардаги бирламчи ташкилотлар ўз зиммасига асосий вазифалардан бири деб қабул қилсак, мақсадга мувофиқ бўлар эди деб ҳисоблайман.

Умуман, республикамизда йигит-қизларда ўзини фанга бағишлаш ҳиссиётини шакллантириш имкониятлари  мавжуд бўлиб, олимларнинг етук ворисларини тайёрлашда профессор-ўқитувчиларнинг меҳнатини рағбатлантириш шароитлари етарлидир, натижада таълим-фан-ишлаб чиқариш тўлиқ моделининг боғлиқлиги ривожланади ва мустаҳкамланади.

Мамлакатимизда юқорида келтирилган масалаларни ва тегишли тадбирларни тўлиқ ҳажмда бажарилиши илмий ишлар самарадорлигининг асосий кўрсаткичларини кўтаришга имкон беради, унинг натижаси эса республикамизнинг узоқ муддатли истиқболининг интеллектуал имкониятини аниқлаб беради ва Ўзбекистонда унинг келажагини белгилаб берадиган етук ёш олимлар етишиб чиқишига  асос яратади.

 

 

Тошкент кимё-технология институти, Ёқилғи ва органик

бирикмалар кимёвий технологияси” факультети, “Юқори

молекулали бирикмалар ва пластмассалар” кафедрасининг

 4-босқич талабаси                                                                                                         Ж.Н.Негматов