Озод ва обод Ватанга бахшида умр

27.01.2018

 «Ислом Каримовни эъзозлаш – нафақат вазифамиз, балки муқаддас инсоний бурчимиздир»

 

Шавкат Мирзиёев

Биринчи Президентимизнинг савобли амаллари жуда ҳам кўпдир. Улар орасида энг улуғи – Ўзбекистон мустақиллигини эълон қилиш, уни мустаҳкамлаш бўлди. Қолаверса, миллий истиқлолнинг илк йилларидаги қийинчиликларга қарамай, мамлакатнинг барқарор ривожланиши таъминланди, турли хил экстремистик-ақидапараст йўлларга қўшилишнинг олди олинди. Ваҳоланки, юртимиз ҳам баъзи давлатлар сингари нотинч маконга айланиши мумкин эди. Шу ўринда, биринчи Президентимиз Ислом Абдуғаниевич Каримовнинг Ўзбекистон халқига ҳақиқий ислом динини танитиш ва диний олиму-уламоларни тарбиялашга қўшган ҳиссаси беқиёсдир.

Шу билан бирга, Ислом Каримовнинг республикадаги тарихий обида, масжид ва мадрасаларни қайта тиклаш ва уларни таъмирлашдаги ўрни чексиздир. У кишининг шарофати билан диёримизда диний илмий марказлар барпо этилди, Тошкент ислом университети ташкил этилди, етук мутахассислар етишиб чиқди.

Ўйлайманки, Ислом Каримовнинг Ўзбекистон учун амалга оширилган ушбу эзгу ишларини келгусида тарих муносиб баҳолайди.

Ўзбекистон халқи истиқлол йилларида эришилган барча ютуқларни ҳақли равишда Ислом Каримов номи ва фаолияти билан боғлайди. У собиқ совет тузумидан кейин пайдо бўлган беқарор, нотинч даврда Ўзбекистон жамиятида барқарорлик ва ишончни пайдо қила олди, халқи олдига миллатни юксакларга кўтарадиган улкан мақсад ва вазифалар қўйди. Ислом Каримов Ўзбекистонда амалга оширилган улкан ишлар, тарихий ўзгаришларнинг ташаббускори ва раҳнамоси, мамлакатнинг истиқол дастурини ишлаб чиққан ва миллий тараққиёт йўлини белгилаб берган атоқли давлат арбобидир. Ислом Каримов демократик талаблар ва халқаро мезонларга тўла жавоб берадиган Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг асосий муаллифи эди. У марказий ҳокимият ва унинг жойлардаги бўғинларини ислоҳ қилиш, давлат, жамият ва инсон муносабатларини уйғунлаштиришга қаратилган янги сиёсий-ижтимоий тизим тамойилларини ишлаб чиқди ва амалга оширди. Ўзбекистон халқининг ўзига хос хусусиятлари ҳамда илғор жаҳон тажрибаларини мужассамлаштирган иқтисодий ислоҳотларнинг янги моделини ишлаб чиқди. Бу ривожланиш йўли иқтисодиётнинг сиёсатдан устунлиги, қонун устуворлиги, Ўтиш даврида давлатнинг бош ислоҳотчилик роли, ислоҳотларни босқичма-босқич амалга ошириш, кучли ижтимоий ҳимоядан иборат 5 тамойилни ўз ичига олади ва у дунёда "Ўзбек модели" деб эътироф этилган. Ислом Каримов раҳбарлиги ва бевосита иштирокида Ўзбекистон турли-туман "сакраш"лар, "фалаж қилиб даволаш"лардан воз кечиб, бозор иқтисодиётига ўтишда ўзига хос йўлдан борди ва пухта ўйланган дастур асосида мамлакат иқтисодий пойдеворини қура бошлади. Қисқа вақт ичида мамлакат нефт ва нефт маҳсулотлари, ғалла мустақиллигига эришди. Ўзбекистон Республикасида юксак сифатли олтин ва газ қазиб олиш кескин даражада кўпайди. Ислом Каримов Ўзбекистон давлатининг ҳудудий яхлитлигини, сарҳадлари дахлсизлигини ҳимоя қилишга қодир қуролли кучлар, чегара ва ички қўшинларни замонавий ислоҳотлар асосида ташкил этиш ишига раҳбарлик қилди.

Ислом Абдуғаниевич Каримов жаҳон сиёсат оламида ҳамиша илғор фикрларни илгари сурадиган, ташаббускор, ўз нуқтаи назарини қатъий ҳимоя қилиб, олдига қўйилган мақсадга эриша оладиган шахс сифатида танилган. У собитқадамлик билан тинчлик ва ҳамжиҳатлик сиёсатини юритиб келди. Ислом Каримов юксак халқаро учрашувларда биринчилардан бўлиб XXI-аср вабоси ҳисобланмиш террорчиликка ва у билан чамбарчас  боғлиқ наркобизнесга қарши фақат ҳамжиҳатлиқда курашиш зарурлигини, мазкур даҳшатли таҳдид манбаларини бартараф этиш ва Марказий Осиё минтақасида "хавфсизлик камари"ни шакллантиришга қаратилган чора-тадбирлар тизимини яратиш кераклигини таъкидлаб келди. Халқаро майдонда Ўзбекистоннинг обрў-еътиборини юксалтириш, унинг қадимги бой маданияти ва бугунги улкан салоҳиятини дунёга танитишда буюк хизмат қилди. Жамиятда маънавий покланиш ва юксалишга эришиш, эски ақидалардан халос бўлиш, шу асосда миллий истиқлол ғоясини яратиш ва ҳаётга тадбиқ этиш учун маънавий қадриятларга ҳурмат-еҳтиром билан муносабатда бўлиш, уларни асраб-авайлаш ва ривожлантириш, халққа Ўзининг муқаддас дини, урф-одатларини қайтариб бериш, тарихий меросини тиклаш, соғлом авлодни вояга етказиш вазифаларини Ислом Каримов юртимизда давлат сиёсати даражасига кўтарди. Ислом Каримов инсон тафаккурини ўзгартириш, уларнинг онгида янги миллий ғоя, миллий мафкура асосларини шакллантириш ва мустаҳкамлаш, кадрлар тайёрлаш миллий дастурини яратиш ва уни амалга оширишга раҳнамолик қилди. Маҳалланинг давлат ва жамият бошқарувидаги нуфузини ошириш, ваколат ва ҳуқуқларини кенгайтириш, фуқароларнинг ўзини-ўзи бошқариш тизими сифатида уни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш ташаббускори эди. Ислом Каримов янги турар жойлар қуриш, шу жумладан, улуғ аждодларимизнинг қадам-жоларини обод қилиш, иқтисодий салоҳиятни оширишда катта ўрин тутадиган йирик-йирик корхоналарни бунёд этиш, шаҳар-қишлоқлар, хусусан, пойтахтимиз Тошкентнинг шакл-қиёфасини тубдан ўзгартириш ишларига бевосита раҳбарлик қилиб келди.

Юқорида айтилган ва бошқа оқилона амаллар Ўзбекистоннинг дунёдаги энг тинч ва фаровон мамлакатлардан бири бўлишига олиб келди.

Биринчи президентимиз Ислом Абдуғаниевич Каримовнинг халқимиз учун фойдали қарорларидан яьна бири – мамлакат бош вазири лавозимига Шавкат Миромонович Мирзиёевни муносиб топгани бўлди. Шавкат Миромонович 2016 йилда Ўзбекистон Президенти этиб сайланганидан сўнг қисқа вақт ичида жуда катта ишларни амалга оширди. Хусусан, куни кеча давлат раҳбарининг Олий Мажлис палатасига Мурожаатномасини биз ҳам катта қизиқиш ва чуқур мамнуният билан тингладик. Ўз чиқишида Юртбошимиз мамлакатдаги мавжуд камчиликларни очиқдан-очиқ айтди ва барчани уларни бир ёқадан бош чиқариб бартараф этишга, юртимизни янада ривожлантиришга ҳисса қўшишга даъват қилди.

 

ЁОБКТФ маънавий ахлоқий-тарбия ишлари бўйича

декан муовини Кадиров Баходир;

“НГҚИТ” кафедраси катта ўқитувчиси Умарова Муаттар