Докторантура тизимида сифатни таъминлаш семинари

13.02.2018

 Тошкент кимё-технология институтида 2018 йилнинг 5-9 февраль кунлари Европа Иттифоқининг ERASMUS+ дастури “UzDOC 2.0: Ўзбекистон Олий таълим муассасаларида докторлик таълими сифатини яхшилаш” лойихаси доирасида докторантура таълим тизимида сифатни таъминлаш бўйича семинар ҳамда илмий раҳбарлар ва докторантлар учун семинар-тренинглар ташкил этилди.

Сифатни таъминлаш семинарида Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта - махсус таълим вазирлиги, Ўзбекистон Республикаси Инновацион ривожланиш вазирлиги, Таълим сифатини назорат қилиш давлат инспекцияси ҳамда Ўзбекистондаги Эрасмус+ Миллий офиси, Ўзбекистон Республикасидаги Европа Иттифоқи делегацияси вакиллари, Бельгия, Испания, Италия, Венгрия университетлари профессорлари, Ўзбекистон олий таълим муассасалари профессор-ўқитувчилари, илмий раҳбарлар ва докторантлар иштирок этди.

Тошкент кимё-технология институти. Сифатни таъминлаш семинари иштирокчилари (7.02.2018й.).

Семинар давомида мамлакатимизда дунёнинг етакчи илмий - тадқиқот ва таълим муассасалари билан яқин ҳамкорлик ўрнатиш ишлари кенг кўламда бажарилаётгани ва келажакда илмий кадрларни тайёрлашда халқаро стандартларга мувофиқ тизимни самарали ривожлантириш долзарб масала ҳисобланиши таъкидланди.

UZDOC 2.0 лойиҳаси уч йил, яъни 2016 – 2019 йилларга режалаштирилган бўлиб, UNICA (Европа пойтахтлари университетлари ассоциацияси, Бельгия) координаторлигида бажарилмоқда. Лойиҳа ҳамкорлари этиб Тошкент кимё-технология институти, Тошкент молия институти, Қорақалпоқ давлат университети, Қарши давлат университети, Наманган давлат университети, Самарқанд иқтисодиёт ва сервис институти, Ўзбекистон санъат ва маданият институти ва Олий ва ўрта - махсус таълим вазирлиги, хорижий хамкорлар сифатида Лоранд Этвеш номидаги Университет (Венгрия), Турин политехника университети (Италия), Гранада Университети (Испания), Брюссель озод университети (Бельгия) ҳисобланади.

Тошкент кимё-технология институти. Семинар иштирокчилари регистрацияси: Мари Ноэль Чапель, Мария Тереса,  Антонио Гонсалес, Мелита Ковачевич, Елена Аригита, Азиза Абдурахимова (ўнгдан чапга) (5.02.2018 й.).

UZDOC 2.0 лойиҳаси Ўзбекистон ОТМларида докторлик таълимини яхшилашга йўналтирилган бўлиб, илгари UNICA раҳбарлигида бажарилган UZDOC лойиҳаси натижаларига таянган ҳолда бажарилади. Лойиха 4 босқичдан иборат: институционал таъминлаш тизими, сифатни таъминлаш элементлари ва механизмлари интеграцияси, кадр ресурсларини такомиллаштириш ҳамда Ўзбекистон шароитида ишлаб чиқариш ва бизнес билан боғлиқликни кучайтириш.

Лойиҳада иштирок этаётган ОТМлар потенциалини кучайтиришда ва докторлик таълими сифатини ривожлантириш ва модернизация қилишга ўз хиссасини қўшади. Консорциумда Европа Иттифоқидан юқори малакали кадрларнинг иштирок этиши ҳамда Ўзбекистон томонидан  Олий ва ўрта - махсус таълим вазирлиги ва 7 та олий таълим муассасаси иштирок этиши олий таълимдан кейинги таълим тизими холатини ўрганишга ва лойиха натижаларни кенг тарғиб этишга имконият яратиб беради.

Тошкент кимё-технология институти. Наманган давлар университетидаги докторантура йўналишлари хақида  Пўлатхон Лутфуллаевнинг презентацияси (5.02.2018 й.).

Семинарларда мамлакатимизда докторантура таълимини ривожлантириш истиқболлари, Европа таълим тизими билан тажриба алмашиниш, юқори малакали мутахассисларни тайёрлашда замонавий ва инновацион услубларни қўллаш, илмий раҳбарликнинг докторантура сифатини таъминлашдаги ўрни, Гранада университети, Лоранд Этвеш номидаги Университет ва Турин политехника университетида ташкил этилган докторантура мактаблари ҳақида маърузалар тингланди.

Семинар дастури.

Тошкент кимё-технология институти. Семинар иштирокчиларининг давра сухбатлари (5.02.2018 й.).

8-9 февраль кунлари илмий раҳбарлар ва докторантлар учун ташкил этилган семинар-тренинглар давомида докторлик таълими тизимида сифатни таъминлашга қаратилган Ўзбекистон ва Европа тажрибаларини алмашиш, Ўзбекистонда докторлик тизимида сифатни таъминлашда охирги реформа ва ўзгаришлар, Европа Иттифоқи давлатларида докторлик тизимида сифатни таъминлаш жараёнлари билан танишиш, чоп этиш, илмий тадқиқот журналлари, “яхши” журналлар, жиддий бўлмаган “спам” журналлар, журнал базалари ва очиқ фойдаланишдаги журналлар, академик инглиз тили ва илмий мақола ёзиш ҳақида маърузалар тингланиб, тадқиқот этикаси ва интеграцияси масалалари ўрганилди.

      Тошкент кимё-технология институти. Ўзбекистонда докторантура тизимида сифатни таъминлаш семинари. Б.Исмоилов (ЎзР ОЎМТВ), З.БабахановаКТИ) маърузаси (7.02.2018 й.).

Европа ҳамкорлари ўз навбатида Ўзбекистондаги юқори малакали мутахассисларни тайёрлашдаги сўнгги реформа ва ўзгаришлар, докторантурада илмий раҳбарликнинг сифат кўрсаткичларини таъминлашда бажарилаётган ишлар  билан яқиндан танишиш имкониятига эга бўлдилар.

Тошкент кимё-технология институти. Илмий раҳбар ва докторантлар семинар - тренинглари иштирокчилари (8-9.02.2018 й.).

UZDOC 2.0 лойиҳачилари Ўзбекистон Республикаси Инновацион ривожланиш вазирлиги ҳамда Таълим сифатини назорат қилиш давлат инспекциясига Ўзбекистондаги докторантура сифатини ошириш бўйича ўзларининг фикрлари билан мурожаат этдилар. Лойиҳанинг бугунги натижалари вазирликлар томонидан яқиндан танишилди ва келгусида эътиборга олиш учун фикр ва мулоҳазалар билдирилди.

Лойиҳа доирасида ташкил этилган докторлик таълим тизимида сифатни таъминлашга қаратилган семинар - тренинглар давомида 35 дан ортиқ илмий раҳбарлар ва 50 дан ортиқ докторантлар малакасини ошириди ва сертификатлар билан тақдирланди.

Бу каби семинар ва учрашувларнинг ўтказилиши Европа таълим тизими ҳақидаги билимларни ошириш, Ўзбекистондаги докторантура сифатини оширишга хизмат қилади.