“Диний бағрикенглик ва миллатлараро тотувлик – тараққиёт гарови”

06.11.2018

Тошкент кимё технология институтида Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигининг 2018 йил 31 октябрдаги 89-02-3155-сонли модемномаси ижросини таъминлаш мақсадида “Диний бағрикенглик ва миллатлараро тотувлик – тараққиёт гарови” мавзусида тадбир ўтказди.

Ёшлар билан ишлаш, маънавият ва маърифат бўлими бошлиғи Д.Қорабоев тадбирни кириш сўзи билан очиб, бугунги кунда “Диний бағрикенглик ва миллатлараро тотувлик” масаласи энг зарур ва долзарб мавзулардан бўлиб турганлигини таъкидлаб, тадбир иштирокчиларни меҳмонлар билан таништирди. Кейин сўз навбатини Тошкент шаҳар бош имом хатиби ўринбосари Ж.Рауповга берди.
Ж.Раупов Ҳозирги глобаллашув жараёнида диний бағрикенглик муаммоси жаҳон ҳамжамияти давлатлари учун ғоят долзарб масалалардан бири ҳисобланади.
1995 йил 16 ноябрда БМТнинг фан, таълим ва маданият бўйича ихтисослашган ташкилоти ЮНЕСКО томонидан Бағрикенглик принциплари декларациясининг қабул қилиниши бунинг ёрқин далилидир. Бирлашган миллатлар ташкилоти эса ҳар йилнинг 16 ноябрини «Бағрикенглик куни» деб эълон қилди. Ушбу декларацияда эътиқод ва виждон эркинлигига ҳам эътибор қаратилган. Унинг 1-моддасида, бағрикенглик ўзимиз яшаб турган дунё маданиятининг бой ва хилма-хиллиги, инсон индивидуаллигининг намоён бўлиш шакллари ва усулларини ҳурмат қилиш, уни қабул қилиш ва тўғри тушуниш ҳамда виждон ва эътиқод эркинлиги сифатида изоҳланган.
Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 31-моддасида “Ҳамма учун виждон эркинлиги кафолатланади. Ҳар бир инсон хоҳлаган динга эътиқод қилиш ёки ҳеч қайси динга эътиқод қилмаслик ҳуқуқига эга. Диний қарашларни мажбуран сингдиришга йўл қўйилмайди” деган норманинг акс эттирилиши ҳамда “Виждон эркинлиги ва диний ташкилотлар тўғрисида”ги қонун мамлакатимизда виждон эркинлиги таъминланишининг асоси бўлиб хизмат қилди.
Миллат ва дин вакилларининг миллий анъана ва қадриятларини янада ривожлантириш бўйича амалга оширилаётган эзгу ишлар, кўрсатилаётган улкан эътибор ва ғамҳўрликлар, яратилаётган барча имконият ва шароитлар бугунги ҳаётимизда акс этмоқда. Ҳеч шубҳасиз, Ўзбекистондаги диний ва миллатлараро тотувликни сақлашга доир юксак инсонпарвар сиёсат, жамиятдаги барқарорлик, ўзаро ҳурмат, ҳамжиҳатлик, бағрикенглик, меҳр-оқибат, мурувват ва шафқат, саховат муҳити дунёнинг кўплаб мамлакатлари учун ҳавас қилишга ва намуна бўлишга арзигуликдир. Шундан сўнг Шайҳонтоҳур тумани Ҳувайдо маҳалла Оқтунука   масжиди имом-хатиби Б.Нодиров сўзга чиқди Миллатлараро тотувлик, диний бағрикенглик мамлакат барқарорлигини таъминлашда муҳим ўрин тутади. Шу ўринда, миллатлараро тотувлик, диний бағрикенглик инсоният тараққиётининг энг муҳим омилидир. Ўзбекистон ҳудудида азалдан кўплаб миллат ва элатлар ўзаро иноқ тинч-тотувликда истиқомат қилиб келган. Бинобарин, мазкур ҳолатни ҳозирги вақтда юртимизда яшовчи турли динларга эътиқод қилувчи барча миллатлар ва элатларнинг ўзаро муносабатлари мисолида ҳам кўриш мумкин. Бу ҳақда Ўзбекистон Республикаси биринчи Президенти И.А.Каримов: “Бизнинг мамлакатимизда азал-азалдан қадимий динлар ривож топган макон сифатида дунё цивилизацияси тарихида алоҳида мавқиега эга. Бу муборак заминда бизнинг аждодларимиз бошқа дин вакилларига доимо ҳурмат билан қараганлар, мана шу юрт озодлиги йўлида улар билан бирга кураш олиб боргани, елкадош бўлиб, меҳнат қилганини ҳеч ким инкор эта олмайди”-, деб таъкидлаган эди. Мазкур ҳолат, ўз навбатида юртимизда миллатлараро тотувлик, динлараро бағрикенгликнинг нодир тимсоли эканлигидан далолат беради.

Республикамизда турли динларга мансуб қадриятларни асраб-авайлашга, барча фуқароларга ўз эътиқодини амалга ошириш учун зарур шароитларни яратиб беришга, динлар ва миллатлараро ҳамжиҳатликни янада мустаҳкамлашга, улар ўртасида қадимий муштарак анъаналарни ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Бу эса, ўз навбатида, Юрт тинчлиги ва тараққиётига, умуминсоний маданият ва маънавият ривожига хизмат қилади.  Республикамизда ислом билан бир қаторда 16 диний конфессия эмин-эркин фаолият кўрсатмоқда. Ўзбекистон Республикасининг Биринчи президенти Ислом Каримовнинг: “Шу азиз ватан – ҳаммамизники. Биздан озод ва обод ватан қолсин”, деган сўзлари шиорга айланган.
Қуръони каримдаги Мумтаҳана сурасининг 8-оятида Аллоҳ таоло шундай дейди: “Дин тўғрисида сизлар билан урушмаган ва сизларни ўз юртингиздан (ҳайдаб)чиқармаган кимсаларга нисбатан яхшилик қилишингиз ва уларга адолатли бўлишингиздан Аллоҳ сизларни қайтармас. Албатта, Аллоҳ адолатли кишиларни севар”.
Ҳадиси шарифда Пайғамбаримиз (с.а.в.) шундай марҳамат қиладилар: “Имоннинг афзали сабр ва бағрикенгликдир”.
Чиндан ҳам, динимиз таълимотига кўра, бағрикенг бўлиш имон белгисидир. Демак, биз мусулмон эканмиз, барчамиз диний бағрикенг бўлишимиз керак, шундагина миллатлараор тотувликка эришамиз.
Маърузачиларга талабалар ва ўқитувчилар томонидан саволлар берилди, ҳамда   уларнинг саволларига мутахассислар етарлича жавоблар беришди