Тошкент кимё-технология институти М ва КТ факультетида буюк аждодимиз Амир Темур таваллудининг 683 йиллигига бағишлаб тадбир ўтказилди

11.04.2019

2019 йил 9 апрель куни  М ва КТ факультетида  буюк аждодимиз Амир Темур таваллудининг 683 йиллигига бағишлаб маънавий-маърифий тадбир ўтказилди. Тадбирни факултет декани проф. Ғ.Х.Ҳамроқулов  кириш сўзи билан очиб берди. У улуғ бобомиз Амир Темур шахсияти  ва давлат бошқаришида олиб борган сиёсий фаолияти ҳақида маълумот берди.

Амир Темур ибн амир Тарағай 1336 йил 9 апрелда Кеш (Шаҳрисабз) вилоятининг Хўжа Илғор қишлоғида дунёга келган.   

Амир Темур тарихчилар тасвирича, ўрта асрнинг атоқли давлат ва ҳарбий арбобларидан бўлиб, Оврўпо олимлари ўз асарларида унинг муҳим фазилатларини таъкидлаб ўтганлар. Немис олими ва тарихшуноси М.Вебернинг айтишича, Темур ўз душманларига нисбатан жуда бераҳм эди, лекин саркардалик, давлатни бошқариш ва қонунчилик соҳасида буюк талантга эга эди. Шунингдек,  "Темур тузуклари"да ҳам Темурнинг жамиятга, ижтимоий-сиёсий ҳаётга қараши, бирлашган қудратли  давлатнинг сиёсий ва ахлоқий қоидалари ҳақида гап боради.

"Салтанатим мартабасини, - деб таъкидлайди Амир Темур, - қонун-қоидалар асосида шундай сақладимки, салтанатим ишларига аралашиб, зиён етказишга ҳеч бир кимсанинг қурби етмасди".  

Амир Темур бетакрор шахсияти, ибратли ҳаёт йўли, бебаҳо моддий ҳамда маънавий мероси билан халқимизнинг ғурур-ифтихорини юксалтирувчи, ғайрат-шижоат бағишловчи, маънавий куч берувчи беқиёс тимсолдир. Соҳибқирон бунёдкорлик, адолат, инсофу диёнатни ўзи учун шиор билиб, халқ дарду ташвиши билан яшаган, илм-фан, маданият ва маънавият ҳомийси бўлган. 

Ўзбекистоннинг мустақилликка эришуви Амир Темур ва темурийларнинг миллий давлатчилик, илм-фан, маданият ва бунёдкорлик соҳаларидаги улкан меросини кенг ўрганиш  имконини яратди. Амир Темурнинг дунё цивилизацияси равнақига қўшган улкан ҳиссаси ҳақида кўплаб бадиий, ҳужжатли асарлар яратилаётир, илмий тадқиқотлар олиб борилаётир. Ғ.Х.Ҳамроқулов талабаларга сўнгги йилларда Амир Темур ва унинг даврини ўрганишга бағишланган қатор манбалар, тарихий китоблар нашр этилганини айтиб, Бўрибой Аҳмедовнинг Амир Темур ҳақидаги катта роман-хроникасини, Ўзбекистон халқ ёзувчиси Муҳаммад Алининг Темур ва темурийлар тарихи ёритилган “Улуғ салтанат” трилогиясини, француз адиби Марсель Брионнинг “Мен ким соҳибқирон Темур” асарларини ўқиб чиқишни тавсия қилди.

Тадбир талабаларда катта таассурот қолдирди. Ёшларда қандай буюк  ва бетакрор зотларнинг вориси эканидан фахрланиш, уларга муносиб бўлишга интилиш туйғусини кучайтириш ватанпарвар авлодни камолга етказишда муҳим омилдир.