Тошкент кимё-технология институти М ва КТ факультетида буюк ўзбек ёзувчиси Абдулла Қодирий таваллудининг 125 йиллигига бағишланган маънавий-маърифий тадбир бўлиб ўтди

11.04.2019

2019 йил 10 апрел куни  М ва КТ факультетида  буюк ўзбек ёзувчиси Абдулла Қодирий таваллудининг 125 йиллигига бағишланган маънавий-маърифий тадбир ўтказилди. Тадбирни факултет декани проф. Ғ.Х.Ҳамроқулов  кириш сўзи билан очди.  У адабиётимиз ифтихори бўлмиш А.Қодирий асарларини янада чуқур ўрганиш, номини абадийлаштириш бўйича ҳукумат қарорлари, олиб борилаётган ишлар бўйича гапирди.

“Тиллар” кафедраси мудири, доц. Г.Н.Тавалдиева  маърифатпар бобомиз, ўзбек романчилигининг асосчиси Абдулла Қодирий таваллудининг 125 йиллиги юртимиз миқёсида кенг нишонланаётгани адабиётга, маънавиятга эътибордан далолат эканлигини айтди. У ватан равнақи, озодлиги учун жонини фидо қилган улуғ адиб ҳаёти ва ижодий фаолияти  ҳақида маълумот берди.

Ўзбек адабиётининг йирик намояндаларидан бири Абдулла Қодирий (Жулқунбой) 1894 йил 10 апрелда Тошкент шаҳрида туғилган.
У XX аср янги ўзбек адабиётининг улкан намояндаси, ўзбек романчилигининг асосчиси, 20-йиллардаги муҳим ижтимоий-маданий жараёнларнинг фаол иштирокчисидир. Ёшлигиданоқ қадимги Шарқ маданияти ва адабиёти руҳида тарбия топган, араб, форс ва рус тилларини ўрганган, жаҳон адабиётини ихлос билан мутолаа қилган.

Адибнинг илк ижоди 1913-1914 йилларда бошланган бўлиб, дастлаб у шоир сифатида қалам тебратди. У ўз миллатини маърифатга чақиради, маърифатпарвар шоир ва адиб сифатида майдонга чиқади. Миллатпарварлик, маърифатпарварлик руҳида ёзилган, жадидчилик ғоялари билан суғорилган «Бахтсиз куёв» (1915) номли фожиаси, «Жувонбоз» (1915), «Улоқда» (1916) каби ҳикояларида ўз халқини саводли, билимли, маданиятли ва озод кўриш истаги сезилиб туради.

      Абдулла Қодирий биринчи ўзбек романи -“Ўтган кунлар” (1926 йил)   ва   иккинчи тарихий романи «Меҳробдан чаён» (1928 йил) асарларининг муаллифидир. У мамлакатимиз тараққийпарвар зиёлилари сафида туриб она юртнинг, миллатнинг тақдири устида астойдил қайғурди, нажот йўлини излади. Адиб «Ўтган кунлар» романи орқали халқнинг миллий онгини уйғотмоқчи бўлди, «тарихимизнинг энг кир, қора кунлари» - юртни мустамлака балосига гирифтор этган кейинги «хон замонлари» - XIX аср ўртасидаги мудҳиш тарихий жараёнлар ҳақида сўз очиб, бу аянчли ҳақиқатдан халққа сабоқ бермоқчи бўлди.

     Абдулла Қодирий 1937 йилнинг 31 декабрида миллатчи сифатида қамоққа олинди ва 1938 йил 4 октябрда Тошкентда отилди. 1990 йилда Республика президенти Фармони билан А.Қодирий номидаги Республика Давлат мукофоти таъсис этилди. 1991 йилда эса А.Қодирийга Алишер Навоий номидаги Давлат мукофоти берилди.

        Тадбирда талабалар ҳам сўзга чиқиб, адиб асарларининг тарбиявий аҳамияти, ёшлар учун ибратли жиҳатлари, асарларининг ҳаётийлиги ҳақида гапирдилар. Абдулла Қодирий китоб мутолаасини яхши кўрган адиб. Ёзувчи шахсиятидаги бу жиҳат бугунги ёшлар учун, айниқса, ўрнак бўларли хусусиятдир.

Бутун куч ва ғайратини, салоҳиятини миллатга, жамиятга, адабиётга бағишлаган буюк адибимиз хотираси ҳамиша миллатимиз ардоғида бўлади.