ТАЛАБАЛАР ТУРАР ЖОЙИДА ЯНГИ 2019/2020 ЎҚУВ ЙИЛИГА ТАЙЁРГАРЛИК БЎЙИЧА АМАЛГА ОШИРИЛГАН ИШЛАР

26.08.2019

Жорий йилнинг июль-август ойларида янги ўқув йилида талабалар турар жойида талабаларимиз учун қулайликлар яратиш ва шароитларни яхшилаш, маҳсус тўгараклар ва улар учун хоналарни ташкил қилиш, жорий таъмирлаш ишлари олиб борилиб, якунига етказилди. Талабалар турар жойида Президентимиз томонидан илгари сурилган бешта муҳим ташаббусда белгиланган тадбирларни амалга ошириш учун театр, мусиқа ва рассомчилик хонаси, жисмоний тарбия ва  фитнес хонаси, ахборот технологиялари ва интернетдан фойдаланиш хонаси, кутубхона ва ёшлар маънавиятини ошириш хоналари ташкил этилди ва зарур жиҳозлар, плакатлар, кўргазмали воситалар таъминланди.

Театр, мусиқа ва рассомчилик хоналарига дутор, рубоб, доира, табла, гитара, най каби мусиқа асбоблари харид қилинди ва уларни жойлаштириш учун маҳсус шкаф ўрнатилди. Талабаларимиз орасида театр, мусиқа ва рассомчиликка қизиқадиганлари кўп. Янги ўқув йилидан улар учун театр, рассомчилик ва мусиқа тўгараклари ташкил қилиниши режалаштирилди. Ўзбек миллий академик драма театри актрисаси Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Феруза Бобоёрова театр тўгарагига раҳбар этиб тайинланди.

Талабаларнинг дарсдан бўш вақтларида спорт билан мунтазам шуғулланишлари учун “Жисмоний тарбия ва фитнес хонаси” учун спорт инвентарлари харид қилинди. 

Ҳар иккала талабалар турар жойида ҳам “АКТ ва интернетдан фойдаланиш хонаси” ташкил этилди. Янги русумдаги моноблоклар харид қилиниб, ўрнатилди.

Барча санитар хоналар, жумладан, ошхона, ювиниш хонаси, кир ювиш хонаси, хожатхоналар жорий таъмирдан чиқарилди ва ҳолати яхшиланди. Таъмирлашга мухтож бўлган кир ювиш машиналари ва газ плиталари таъмирланди. Том қисмининг таъмирталаб қисмлари таъмирдан чиқарилди.

Талабалар турар жойидаги “Ахборот ресурс маркази” га янги ўқув ва бадиий адабиётлар харид қилинди. Шунингдек, бугунги кунда замонавий электрон адабиётлардан фойдаланиш имкониятини яратиш мақсадида талабалар турар жойи учун QR-book стенди ўрнатилди. Энди талабаларимиз замонавий ўқув ва бадиий адабиётларни ўз телефонларига ва планшетларига юклаб олиб, мутоала қилишлари мумкин.

Талабалар турар жойининг ховлисида ерларни суғориш учун қувурлар ўрнатилиб, тупроқ ётқизилди ва газонлар сепилди. Олиб борилган ишларда талабаларимиз орасидан ташкил этилган “Бунёдкор кўнгиллилар отряди” нинг ёрдами жуда катта. Барча факультетлардан жами 10 нафар талабалар жорий таъмирлаш ва ободонлаштириш ишларида фаол иштирок этишди.