«Ўзбекистонда кимё ва биология фанларини тараққий эттириш – озиқ-овқат хавфсизлиги соҳасини ривожлантиришнинг ахамияти» мавзусида онлайн-конференция

28.08.2020

27 август куни Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги томонидан Ўзбекистон Республикасининг Бельгия Қироллигидаги элчихонаси билан ҳамкорликда “Ўзбекистонда кимё, биология фанлар, озиқ-овқат хавфсизлиги соҳаларини ривожлантиришнинг аҳамияти” мавзусида видеоконференция ташкил этилди.

 
Бельгия Қироллигидаги Фавқулодда ва мухтор элчиси Д.Хакимов (чап томонда), Олий ва ўрта махсус таълим вазири ўринбосари У.Бегимкулов, Тошкент киме-технология институти ректори Б.Ш.Усмонов иштирокида онлайн-конференция (ўнг томонда). 27 август 2020 й.

Видеоконференцияда Ўзбекистоннинг Бельгия Қироллигидаги Фавқулотда ва мухтор элчиси Дилёр Хакимов, Копенгаген университети профессори Бекзод Хакимов, Олий ва ўрта махсус таълим вазири ўринбосари Узоқбой Бегимкулов, Тошкент киме-технология институти ректори Б.Ш.Усмонов, Европа Иттифоқининг ERASMUS+ дастурининг Ўзбекистондаги офиси вакили Қудратхон Баҳодиров, 90 дан зиёд Ўзбекистон ОТМлари рахбар ва ходимлари иштирок этди.

Видеоконференция давомида Ўзбекистонда кимё, биология фанлар, озиқ-овқат хавфсизлиги соҳаларини ривожлантиришнинг аҳамияти хақида, бу борада Республикада амалга оширилаётган ишлар, ҳамда Копенгаген Университети, ТКТИ, ЎзМУ ва бошқа Республика ОТМлари билан хамкорликда  тайёрланган «EUROCAMPUZ»  халқаро лойиха хақида маълумотлар берилди.

ОЎМТВ вазир ўринбосари У.Бегимқулов алохида эътиборни 2020 йил 12 августдаги  ПҚ-4805-сонли (https://lex.uz/docs/4945470) қарорида белгиланган кимё ва биология йўналишида узлуксиз таълим сифатини ҳамда амалга оширилаётган илмий-тадқиқотлар ва инновация ишлари натижадорлигини ошириш бўйича устувор вазифаларга тухталиб ўтди. Шу сабаб халқаро тажрибани ўрганиш ва чет элдаги етакчи ташкилотлар билан ҳамкорликда юртимиздаги соҳага оид илмий муаммоларни ечишга қаратилган лойиҳаларни амалга ошириш муҳим аҳамиятга эгалиги, Олий таълим муассасалари бу жараёнда нафақат фаол иштирок этиши балки, уни ташкил этиши ҳамда самарали юритиши лозимлиги таъкидланди.

 
Бекзод Хакимов (чап томонда) ва бошқа онлайн-конференция иштирокчилари. 27 август 2020 й.

Конференцияда кимё, биология фанлар, озиқ-овқат хавфсизлиги соҳаларини  ривожлантириш бўйича ЎзМУ, Тошкент кимё-технология институти ва кимё-биология ихтисосликларида олий малакали мутахассислар тайёрловчи ОТМлар ҳамда Даниянинг Копенгаген университети олимлари, жумладан мазкур университет профессори, ҳамюртимиз Бекзод Ҳакимов билан ҳамкорликда кимё ва биология фанлари соҳасидаги илмий-тадқиқот лойиҳаларини шакллантириш ва амалга оширишни йўлга қўйиш масалалари муҳокама қилинди.

Тадбирда Европа Иттифоқининг «ERASMUS+» дастурида қатнашиш учун тайёрланган «Озиқ-овқат хавфсизлиги соҳасида олий таълим салоҳиятини ошириш» мавзудаги «EUROCAMPUZ» лойиҳа доирасида келгусида амалга ошириладиган ишлар ҳақида келишиб олинди, хамда келажакда барча лойихаларни Эрасмус + Миллий офиси томонидан тўлиқ қўллаб-қувватлаш хақида таъкидланди.

Халқаро хамкорлик бўлими