Ўзбекистон ёшлар иттифоқининг Тошкент кимё-технология институтидаги бошланғич ташкилотлари тўғрисида НИЗОМ

Институт ректорининг 30 -август  2017 йилдаги

507-сонли буйруғига 2-илова

Ўзбекистон ёшлар иттифоқининг Тошкент кимё-технология институтидаги
бошланғич ташкилотлари тўғрисида

НИЗОМ

 

I. Умумий қоидалар

1. Мазкур Низом Ўзбекистон ёшлар иттифоқининг Тошкент кимё-технология институтидаги бошланғич ташкилотлари фаолиятини тартибга солади.

2. Ўзбекистон ёшлар иттифоқининг Тошкент кимё-технология институтидаги бошланғич ташкилоти (кейинги ўринларда бошланғич ташкилот деб юритилади) Иттифоқнинг мақсад-вазифаларини Тошкент кимё-технология институти миқёсида амалга оширадиган, институтдаги талабалар ва ёш ўқитувчиларни ўз атрофида бирлаштирадиган, уларнинг манфаатлари ва ҳуқуқларини ҳимоя қиладиган энг қуйи тузилма ҳисобланади.

3. Бошланғич ташкилот Тошкент кимё-технология институтининг Ёшлар иттифоқи мақсад-вазифаларига хайрихоҳ бўлган камида беш нафар ёшларининг ташаббуси билан тузилади ҳамда Иттифоқнинг маҳаллий кенгашлари томонидан рўйхатга олинади.

4. Бошланғич ташкилотлар Тошкент кимё-технология институтида Ўзбекистон ёшлар иттифоқининг фаолиятини амалга оширади.

5. Тошкент кимё-технология институтидаги бошланғич ташкилотлар ўзлари жойлашган ҳудуддаги Иттифоқнинг маҳаллий кенгашларига бирлашади.

6. Бошланғич ташкилотлар ёшлар етакчиси ва етакчилар кенгаши аъзолари фаолият йўналиши, қизиқиши ҳамда ёшларнинг талаб ва истакларидан келиб чиққан ҳолда, Иттифоқнинг маҳаллий ва ҳудудий кенгашлари қошида ўз ташкилотлари (уюшмалар, марказлар, клублар, тўгараклар ва бошқалар)ни тузиш ташаббусини билдириши ёки мавжуд ташкилотларга ихтиёрий қўшилиши мумкин.

7. Бошланғич ташкилотлар фаолияти Ўзбекистон ёшлар иттифоқининг тегишли маҳаллий кенгашлари ҳамда Тошкент кимё-технология институти томонидан мувофиқлаштириб борилади.

8. Бошланғич ташкилот ўз фаолиятини Ўзбекистон Республикаси Конституцияси, амалдаги қонун ҳужжатлари, Ўзбекистон ёшлар иттифоқининг Устави, Тошкент кимё-технология институти фаолиятига оид норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар ҳамда мазкур Низом асосида амалга оширади.

II. Бошланғич ташкилотнинг мақсад ва вазифалари

9. Бошланғич ташкилотнинг асосий мақсади институтдаги ёшларнинг таълим-тарбия олиши учун муносиб шароит яратиб беришга кўмаклашиш, ёшларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш ҳамда ҳар томонлама баркамол шахслар бўлиб етишига муносиб ҳисса қўшишдан иборат.

10. Бошланғич ташкилот ўз олдига қуйидаги вазифаларни қўяди:

- ёш авлодни она Ватанга муҳаббат ва садоқат руҳида тарбиялаш, уларнинг онгига миллий истиқлол ғояси, миллий қадриятлар, диний бағрикенглик, миллатлараро тотувлик ва оилавий қадриятларни чуқур сингдириш;

- ёшларга Ўзбекистон Республикаси Конституцияси ва қонунларида белгиланган фуқаролик ҳуқуқ ва бурчларини англатиш, уларга мамлакатда амалга оширилаётган демократик ва ҳуқуқий ислоҳотларнинг мазмун-моҳиятини тушунтириш;

- Тошкент кимё-технология институти ёшларининг муаммолари, таълим сифати, фанларни ўзлаштириш даражаси, давомати, дарсликлар ва кутубхонадан фойдаланиш даражасини ўрганиб бориш, ёшлар мурожаатларини кўриб чиқиш ва ҳал этишда кўмаклашиш;

            - ёшларнинг чуқур билим олиши, чет тилларини ўрганиши ва замонавий ахборот-коммуникация технологияларини пухта эгаллаши ҳамда уларни касб-ҳунарга йўналтиришга қаратилган чора-тадбирларни амалга ошириш;

- истеъдодли ёшларни кашф этиш, уларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш ва рағбатлантиришга қаратилган ишларни амалга ошириш, интеллектуал ва ижодий қобилиятларини ривожлантиришга кўмаклашадиган клуб ва тўгараклар фаолиятини ташкил этиш;

- имконияти чекланган ҳамда махсус эҳтиёжли ёшларнинг инклюзив таълим олиши учун қулай шароит яратишга қаратилган ишларни қўллаб-қувватлаш;

- нотинч оила фарзандлари, тарбияси оғир ва носоғлом муҳитга тушиб қолган ёшларнинг жамиятга ижтимоий мослашуви ҳамда дарсларни мунтазам қолдириб келаётган талабаларни таълим жараёнига қайтариш, қизлар ўртасида эрта никоҳларнинг олдини олиш бўйича тизимли ишлар олиб бориш;

- ёшлар ўртасида жиноятчилик ва ҳуқуқбузарликнинг олдини олишга қаратилган ҳуқуқий-тарбиявий ишларни амалга ошириш;

- ёшлар ўртасида китобхонликни кенг тарғиб қилиш, уларнинг китобга бўлган муҳаббатини ошириш ва китобхонлик маданиятини ривожлантириш;

- ёшларда “оммавий маданият” ниқоби остидаги зарарли иллатлар, ахборот хуружлари, диний ақидапарастлик, миссионерлик ва экстремистик ғояларга қарши мафкуравий иммунитетни шакллантириш;

- Тошкент кимё-технология институти ёшлари ўртасида ёшлар туризмини ривожлантириш, уларнинг ўзлари яшаётган ҳудуддаги тарихий обидалар, муқаддас қадамжолар, музейлар, театрлар, мустақиллик даврида барпо этилган иншоотларга ташрифини уюштириш;

- ёшлар, айниқса, қиз болалар ўртасида спортни кенг тарғиб этиш, уларнинг спортга бўлган қизиқишини қўллаб-қувватлаш ва турли спорт мусобақаларида иштирок этиши учун зарур шароитларни яратиб бериш;

- ёшларга тиббий маданият, хусусан, касалликлардан ҳимояланиш йўлларини кенг тушунтиришга қаратилган тарғибот тадбирларини ташкил этиш;

- ёшлар ўртасида экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш, табиий ресурслардан оқилона фойдаланишни тарғиб қилиш орқали уларда экологик маданиятни юксалтириш, экологик ташаббусларини қўллаб-қувватлаш.

III. Бошланғич ташкилотнинг ҳуқуқ ва мажбуриятлари

11. Бошланғич ташкилотнинг ҳуқуқлари қуйидагилардан иборат:

- Тошкент кимё-технология институти ёшларининг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилишга қаратилган ўқув, тарбия ва бошқа жараёнларда иштирок этиш, масъул ходимлар ва ўқитувчилардан зарур маълумотларни олиш ҳамда назорат қилиш;

- Тошкент кимё-технология институтидаги дарслар сифати, ўқитувчилар савияси ва талабалар билан муносабати, шунингдек, кутубхона, спорт объектлари фаолиятини ўрганиш, рейдлар, ижтимоий сўровлар ўтказиш;

- Тошкент кимё-технология институтидаги шароитлардан тўла фойдаланиш, ёшлар иштирокида тўгараклар, клублар ташкил этиш, иш режадаги чора-тадбирларнинг олий таълим муассасаси томонидан молиялаштирилишини талаб этиш;

- Тошкент кимё-технология институти ёшларининг муаммолари, таклиф-ташаббуслари юзасидан олий таълим муассасаси ректори ва юқори ташкилотларга таклифлар киритиш;

- низомда белгиланган тартибда Тошкент кимё-технология институти қўшимча тузилмаларини ташкил этиш;

- фаолиятига доир маълумотларни тарқатиш ва тарғиб этиш.

Бошланғич ташкилот тегишли норматив-ҳуқуқий ҳужжатларда назарда тутилган бошқа ҳуқуқлардан ҳам фойдаланиши мумкин.

12. Бошланғич ташкилотнинг мажбуриятлари қуйидагилардан иборат:

- Ўзбекистон Республикаси Конституцияси, қонунлари, Ёшлар иттифоқи ҳамда Тошкент кимё-технология институти томонидан қабул қилинган нормматив-ҳуқуқий ҳужжатлар доирасида фаолият юритиш, уларда белгиланган тартиб-қоидаларга риоя қилиш;

- Ёшлар иттифоқининг маҳаллий, ҳудудий ва республика кенгашлари, Тошкент кимё-технология институти кенгаши ҳамда раҳбариятининг тегишли топшириқлари ва кўрсатмаларини бажариш;

- Ёшлар иттифоқининг маҳаллий кенгаши ҳамда Тошкент кимё-технология институти раҳбарига ўз фаолияти тўғрисида ҳисоботларни ўрнатилган тартибда тақдим этиб бориш;

- бошланғич ташкилот учун ажратилган хоналар, моддий-техник воситалар ва маблағлардан тўғри фойдаланиш;

- Тошкент кимё-технология институтининг ўқув, тарбия ва бошқа ишларига кўмаклашиш.

IV. Бошланғич ташкилотнинг ташкилий тузилиши

13. Бошланғич ташкилотнинг ташкилий тузилмасига қуйидагилар киради:

- ёшлар етакчиси сайлови;

- умумий йиғилиш;

- ёшлар кенгаши (ёшлар етакчиси, ёшлар кенгаши етакчилари);

- факультет ёшлар кенгаши;

- гуруҳ етакчиси;

- талабалар турар жойи, меҳнат жамоасидаги етакчи;

- бошланғич ташкилот қошидаги тузилмалар (тўгараклар, клублар ва бошқалар).

14. Ёшлар етакчисининг сайлови ҳар ўқув йили боши (сентябрь ойи)да ўтказилади.

15. Умумий йиғилиш фаолияти тартиби:

- Иттифоқ бошланғич ташкилотларнинг раҳбар органи ҳисобланади;

- умумий йиғилиш ҳар чоракда бир марта ўтказилади;

- умумий йиғилишда ёшлар кенгаши, факультет кенгаши, гуруҳ етакчилари ва Иттифоқ аъзолари иштирок этади.

16. Ёшлар кенгашининг фаолияти тартиби:

- ёшлар кенгаши ижрочи орган бўлиб, бошланғич ташкилот мақсад-вазифалари ва режаларининг тўлиқ бажарилишини таъминлайди;

- ёшлар кенгаши таркиби ёшлар етакчиси сайлангандан кейин ўтказиладиган дастлабки умумий йиғилишда ёшлар етакчиси томонидан эълн қилинади;

- ёшлар кенгаши фаолиятига ёшлар етакчиси раҳбарлик қилади.

17. Ёшлар кенгашини шакллантириш тартиби:

- Ёшлар кенгаши Ёшлар иттифоқининг ўзини ўзи бошқарувчи органи ҳисобланади;

- ёшлар кенгаши факультет, Тошкент кимё-технология институти, ҳудудий ва республика миқёсида сайланади ҳамда фаолият олиб боради;

- етакчи ўз йўналиши бўйича Тошкент кимё-технология институти, ҳудудий ҳамда республика ёшлар кенгашига фақат бир йўналишда етакчилик қилиш ҳуқуқига эга бўлади;

- гуруҳларда фақат 1 (бир) нафар ёшлар етакчиси фаолият юритади.

18. Ёшлар кенгаши аъзолари муассиснинг Ижроия қўмитаси қарори билан тасдиқланган имтиёзлардан фойдаланиш ҳуқуқига эга.

19. Ёшлар етакчиси лавозимига кўрилаётган номзодлар:

- 35 (ўттиз беш) ёшдан ошмаган, ёшлар билан ишлаш амалиётига эга;

- етакчилик қобилияти, нотиқлик маҳорати, ташаббускорлик ва фидойилик хусусиятларига;

- бошқарув қобилияти, ташкилотчилик, жамоат билан ишлаш ва иш юритиш бўйича билим-кўникма ҳамда муайян иш тажрибасига;

- замонавий ахборот-коммуникация технологиялари билан ишлаш бўйича малакага;

- ёшлар тарбиясига салбий таъсир қилувчи бузғунчи ғоя ва мафкуралар, маънавий таҳдидлар, зарарли иллатлар ҳақида етарли тасаввурга;

- мамлакатда олиб борилаётган ислоҳотлар, ёшларга оид давлат сиёсати ва таълим-тарбия жараёнига доир меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатлар ҳамда Ёшлар иттифоқи фаолият тартиби тўғрисида тўлиқ маълумотга эга бўлиши лозим.

20. Ёшлар етакчисининг фаолияти тартиби:

- ёшлар етакчиси бошланғич ташкилот фаолиятининг самарали ташкил этилишини мувофиқлаштиради, факультет ёшлар кенгашлари ва гуруҳ ёшлар етакчилари фаолиятига раҳбарлик қилади, тизимдаги барча етакчилар фаолиятига услубий кўмак кўрсатади, аъзоларнинг таклиф-ташаббусларини қўллаб-қувватлайди;

- ёшлар етакчиси Ёшлар иттифоқининг Тошкент кимё-технология институтидаги бошланғич ташкилоти фаолиятига раҳбарлик қилади;

- институт ёшларининг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилади;

- ёшлар масалаларига оид давлат қарорлари ва дастурлари ижросини таъминлайди;

- бошланғич ташкилот фаолиятини ташкил этади ва унинг номидан иш юритади;

- бошланғич ташкилот таркибидаги тўгараклар, клублар ва бошқа тузилмалар ишини бошқаради;

- юқори ташкилотлар ва Тошкент кимё-технология институти раҳбарига бошланғич ташкилот фаолияти юзасидан сўралган маълумот, ахборот ва ҳисоботларни тақдим этиб боради;

- бошланғич ташкилот учун белгиланган номенклатура асосида иш юритади, юқори ташкилотлар раҳбарлари ва Тошкент кимё-технология институти ректори топшириқларининг бажарилишини таъминлайди;

- бошланғич ташкилот учун ажратилган хона, моддий-техник воситалар ва маблағлардан мақсадли фойдаланишни таъминлайди.

21. Ёшлар етакчиси Тошкент кимё-технология институтининг барча Кенгашлари ва ёшлар масаласига оид бошқа комиссияларга аъзо сифатида киритилади.

22. Ёшлар етакчиси Иттифоқнинг маҳаллий кенгаши ва Тошкент кимё-технология институти ректорига тўғридан-тўғри бўйсунади.

23. Бошланғич ташкилот фаолиятини ташкил этиш учун гуруҳлар, талабалар турар жойлари ва меҳнат жамоасида ёшлар етакчиси фаолият юритади.

24. Бошланғич ташкилот тизимида ёшларнинг қизиқиши ва таклиф-истакларидан келиб чиқиб, турли тўгараклар ва тузилмалар ташкил этилиши мумкин.

23. Бошланғич ташкилот қошидаги тузилма (тўгарак, клуб ва бошқа)га координаторлар сайланади.

24. Бошланғич ташкилот қошидаги тузилмалар (тўгарак, клуб ва бошқа)га Тошкент кимё-технология институтининг тегишли мутахассислик бўйича ўқитувчи-педагоглари жалб этилади ҳамда уларнинг фаолияти ёшлар етакчиси томонидан мувофиқлаштирилади.

V. Ёшлар етакчисини сайлаш

25. Ёшлар етакчиси сайлови Тошкент кимё-технология институти талабалари, ёш ходимларининг умумий, тенг ва тўғридан-тўғри сайлов ҳуқуқи асосида овоз бериш йўли билан амалга оширилади.

26. Ёшлар етакчиси Тошкент кимё-технология институтининг талабалари ва ёш профессор-ўқитувчилари орасидан сайланади.

27. Ёшлар етакчиси лавозимига номзод ҳужжатларини ҳар ўқув йилининг 10 сентябрь кунига қадар Тошкент кимё-технология институти раҳбариятига тақдим этади.

28. Номзодларга сайловолди ташвиқотни олиб бориш учун 10 кун (ўн кун) муддат (11 сентябрдан 20 сентябргача) берилади. Номзодлар бу вақт оралиғида сайловчиларни ўз дастурлари билан таништиради.

29. Ёшлар етакчиси сайловига тайёргарлик кўриш ҳамда уни ўтказиш очиқ ва ошкора тарзда амалга оширилади.

30. Сайловолди ташвиқоти сайлов кунидан бир кун олидн тўхтатилади.

31. Сайловлар 22 ёки 23 сентябрь куни соат 8:00 дан соат 18:00 гача ўтказилади.

32. Сайловда сайловчиларнинг нисбатан кўп овозини тўплаган номзод ёшлар етакчиси этиб сайланган ҳисобланади.

33. Сайловчиларнинг 33 (ўттиз уч) фоизидан ками қатнашган сайлов ўтмаган деб топилади.

34. Ёшлар етакчиси сайлови ўтмаган ёки ҳақиқий эмас деб топилган тақдирда, шунингдек, агар ёшлар етакчиси сайловида битта номзод иштирок этган бўлса ва у зарур миқдорда овоз тўплай олмаган бўлса, такрорий сайлов ўтказилади. Такрорий сайлов ушбу Низомда асосий сайловни ўтказиш учун белгиланган тартибда ҳамда ундаги шартларга риоя этилган ҳолда ўтказилади.

Такрорий сайлов асосий сайлов ўтказилганидан кейин 10 (ўн кун) кун ичида ўтказилади.

35. Оммавий ахборот воситалари сайловга тайёргарликнинг бориши ва сайлов қандай ўтаётганини ёритиб бориши мумкин.

36. Сайловга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказишга доир барча тадбирларда, шунингдек, сайлов куни овоз бериш жойларида ва овозларни ҳисоблаш жараёнида матбуот, телевидение ва радио вакиллари қатнашиш ҳуқуқига эга.

37. Ёшлар етакчиси сайлови якунлари тўғрисидаги ахборот сайлов кунидан кечиктирмай эълон қилинади.

 

VI. Бошланғич ташкилот фаолиятини моддий қўллаб-қувватлаш

38. Тошкент кимё-технология институти томонидан бошланғич ташкилот алоҳида хона, иш столи ва стуллар, жавонлар, компьютер жамланмаси, принтер, проектор, экран, рақамли фотоаппарат, флипчарт ҳамда зарурий девонхона моллари билан таъминланади.

39. Бошланғич ташкилотнинг иш режасида белгиланган чора-тадбирлар Тошкент кимё-технология институтининг иш режасига киритилади.

40. Бошланғич ташкилот фаолиятига оид норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар, услубий қўлланмалар ва тарқатма материаллар билан Ёшлар иттифоқи томонидан таъминланади.

VII. Бошланғич ташкилот фаолиятини тўхтатиш

41. Бошланғич ташкилот фаолиятини тўхтатишга асосли сабаблар бўлса унинг фаолияти умумий йиғилиш қарори билан ўрнатилган тартида тугатилади.