!Ассалому алайкум, азиз ва муҳтарама аёллар, қадрли устозлар!
Сўзим аввалида, сизларни, сизлар орқали барча мўътабар онахонларимиз, устозларимиз, мунис опа-сингилларимиз, дилбар қизларимизни нафосатли баҳорий айём, эзгулик ва гўзаллик тантанаси бўлган 8 март — халқаро Хотин-қизлар куни билан Тошкент кимё-технология институти фаоллари, кенг жамоатчилик номидан самимий муборакбод этаман!
Баҳорнинг илк байрами муносабати билан институтимизнинг дилбар, фидойи ва меҳрибон хотин-қизларига шуни алоҳида таъкидламоқчиманки, Сиз ҳар жабҳада илғор, ташаббускор, ибратлисиз.
Маълумки, ҳар қандай жамият ва давлатнинг қай даражада халқпарвар ҳамда адолатли экани унинг хотин-қизларга бўлган муносабати ва ғамхўрлиги билан белгиланади.
Халқимизни рози қилишдек олий мақсадга эришиш учун хотин-қизларнинг қонуний ҳуқуқ ва манфаатларини таъминлаш, уларнинг иқтисодий, ижтимоий ва сиёсий фаоллигини ошириш Янги Ўзбекистон тараққиёт стратегиясининг муҳим йўналишларидан бирига айланди.
Ҳақиқатан ҳам, кейинги вақтларда мамлакатимизда хотин-қизларга ғамхўрлик кўрсатиш, уларни ижтимоий-ҳуқуқий жиҳатдан қўллаб-қувватлаш, қонуний манфаатларини таъминлаш, сиёсий фаоллигини ошириш, касбий, жисмоний, маънавий ва интеллектуал салоҳиятини юксалтириш, оила, оналик ҳамда болаликни муҳофаза қилиш, мустаҳкам оилани шакллантириш масаласига қаратилаётган катта эътибор ва беқиёс ғамхўрлик жаҳон ҳамжамиятининг ҳам эътирофига сазовор бўлди. Натижада ўзбек аёлининг сиёсий-ҳуқуқий савияси юксалиб, ижтимоий фаоллиги тобора ортиб бормоқда. Хотин-қизларимиз бугун нафақат фан, таълим, маданият, соғлиқни сақлаш соҳаларида, балки давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари тизимида масъул вазифаларда ҳам самарали фаолият кўрсатишмоқда.
Умуман, бугун Ватанимиз тараққиёти, халқимиз фаровонлигини юксалтириш йўлидаги камтарона меҳнатларингиз, эзгу фазилатларингиз билан ҳаммага ўрнак бўлиб келаётганингиз учун барчангизга Тошкент кимё-технология институти жамоаси номидан чуқур миннатдорлик билдираман. ва сизларнинг сидқидилдан қилаётган фидокорона меҳнатларингизни биз ҳамиша қадрлаймиз ҳамда сизлар учун барча қулай имкониятлар ва шарт-шароитларни яратиб беришга ҳамиша тайёрмиз.
Азиз ва мукаррама онахонлар, опа-сингиллар, лобар қизлар!
Барчангизни Халқаро хотин-қизлар байрами билан яна бир бор самимий муборакбод этаман.Барчангизга мустаҳкам саломатлик, тинч ва осуда ҳаёт, оилавий фаровонлик ва хотиржамлик, хонадонларингизга тўкин-сочинлик, файзу барака тилайман.
Баҳор ва бахт айёмингиз муборак бўлсин!